Toshkentda ob-havo:

sunny

7°C dan 10°C gacha

Valyuta kursi:

USD 375.05

RUB 103.67

EUR 12194.44

UZ RU

Инсон қадр-қиммати – олий қадрият

11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни

Жорий йилнинг 8-14 ноябрь кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги” муваффақиятли ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталик 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни байрами билан ҳамоҳанг тарзда нишонланаётгани аҳамиятга моликдир.

Кучли ижтимоий йўналтирилган сиёсат олиб бориш, бунда одамларнинг дарду ташвишларини, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг илдизларини аниқлаш, тезкор, тўғри ва самарали ечим топиш Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этмоқда.

Мамлакат етакчисининг жорий йил 6 ноябрдаги Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида ижтимоий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас, албатта. Бунда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат, турмуш шароитини яратиш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Юртимизда Касаба уюшмалари куни 11 ноябрга қадар, ушбу сана арафасидаёқ юксак савияда нишонланмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур байрамни ғоят кўтаринки, юксак савияда нишонлаш учун кенг қамровли ишлар амалга оширмоқда.

Мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимида ўз сафида 5,5 миллион нафардан зиёд аъзоларни бирлаштирган 33 минг 356 та бошланғич ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Тизимда жами 6 минг 700 дан ортиқ ходим ва жамоатчилик асосида 300 мингга яқин фаоллар самарали ишлаб келмоқда.

Илк марта Ҳукумат, иш берувчилар конфедерацияси ва Касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Бош келишув, 14 та ҳудудий ва 107 та тармоқ келишуви тузилди. Ходимлари касаба уюшмаларига аъзо бўлган барча ташкилотларда жами 109 мингдан ортиқ жамоа шартномалари расмийлаштирилди. Улар асосида йил давомида 1та ходимни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасига ўрта ҳисобда сарфланадиган маблағ миқдори 5 маротаба оширилди. Тизимда 14 та соғломлаштириш масканлари қурилди, 2 та санаторий ва 3 та болалар оромгоҳи реконструкция қилинди. Бунинг натижасида мавжуд 24 та санаторийда йилига қўшимча 34 минг (жами 150 минг) нафар ходимни соғломлаштириш имконияти яратилди.

Меҳнаткашларни санаторийларда соғломлаштириш, уларнинг фарзандларини болалар оромгоҳларида дам олдириш, эҳтиёжманд оилалар учун тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Меҳнатни муҳофазалаш юзасидан 16 мингга яқин корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилди. Унинг натижалари бўйича аниқланган 61 мингдан ортиқ камчиликлар бартараф этилди.

Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан иш берувчиларга 2 минг 295 та тақдимнома, судларга 765 та даъво аризаси киритилди ва ходимлар фойдасига 13,6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди ва 13 минг 471 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди. Пахта йиғим-терим мавсумида теримчилар учун шароитлар яратиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан миллий мониторингини амалга ошириш тизими йўлга қўйилди.

“Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими жорий этилиб, ўтган давр мобайнида мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 900 минг нафарга яқин хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ташкил этилган “Ишонч қўнғироғи” асосида опа-сингилларимиздан келиб тушган мурожаатларнинг барчасига ижобий ечим топилаётир.

Касаба уюшмалари куни арафасида барча меҳнат жамоаларида спорт мусобақалари, маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Узоқ йиллар давомида турли жабҳаларда ҳалол ва самарали меҳнат қилган ходимлар хонадонига бориб, уларга совғалар топширилмоқда. Айни пайтда касаба уюшмалари тизими олдидаги янги вазифалар белгиланмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадри олий қадрият эканининг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.