Toshkentda ob-havo:

sunny

7°C dan 10°C gacha

Valyuta kursi:

USD 375.05

RUB 103.67

EUR 12194.44

UZ RU

60 оила қувончи

27.10.2021. Бекобод шаҳрида ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож оилаларнинг бирваракайига олтмиш нафарига янги қурилган уйдан хонадон совға қилинди. Қишли-қировли кунлар яқинлашаётган бир вақтда тақдир тақозоси билан муҳтож бўлиб қолганларга қилинган бундай ҳадя ва туҳфанинг баҳоси йўқдир. Қани эди дилларни қувонтирадиган, юракларни ҳаяжонга соладиган шундай воқеалар ҳар куни бўлиб турса.

Ҳа, бугун олтмиш нафар оиланинг соҳибу-соҳибалари бекободлик саховатпешаларга раҳмат айтишмоқда. Алломалардан бири «Бир кўнгил иморати, минг Макка зиёрати», деган бўлса, яна бири «Кийган тўнинг эскирар, кийдирганинг эскирмас», деган…
Бекобод шаҳрида ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан бунёд этилиб, муҳтож ва мусибат етган ногиронларга тортиқ қилинган уй байрамона безатилган… Бино пештоқига «Ижтимоий муҳофаза давлат аҳамиятидаги энг муҳим масаладир», деб ёзиб қўйилган. Қадамлар қутли бўлсин дея хонадон эшикларидан биринчи бўлиб оқсоқол нуроний кириб келади.
Турмуш кечириш учун оилага зарур бўлган рўзғор анжомлари билан жиҳозланган хонадоннинг калитини олганларнинг қувончи чексиз. Уларни қутлагани келган қариндош-уруғлари ҳам кўзлари намланиб, қўллари титраб дуо қилмоқдалар. Бу қувончларга Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳам шерик бўлди. Бекободлик ­санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар даврадагиларга завқ-шавқ улашди.
Ушбу хайрли ишга бош-қош бўлган Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев ҳам ташриф буюрганлар ҳузурида ҳамшаҳарларига яратилган имкониятлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари хусусида гапирди. Саховат қўлини чўзган меҳридарё инсонларга миннатдорлик билдирди.
– Ота-боболаримиздан қолган анъана бор, қутлуғ уйга қуруқ кириб бўлмайди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси Муроджон Носиров. – Кенгаш томонидан ажратилган кундалик турмуш учун зарур бўлган совғаларни янги хонадон эгаларига топширдик.
Ҳа, Бекобод ҳақиқий маънода обод бўлмоқда. Кўнгиллар ободлигидан бошланган ишлар Бекобод шаҳри ёшлари ҳаётида ҳам қувончли воқеага уланиб кетди. Шу куни Бекобод шаҳри маданият бўлимига қарашли тубдан қайта таъмирланган «Ёшлик маданият маркази» биноси фойдаланишга топширилди.
Шаҳардаги иккинчи сектор ҳудудида жойлашган «Туркистон» маҳалла фуқаролар йиғинида «Обод маҳалла» давлат дастури маблағлари ҳисобидан қурилган болалар майдончаси ҳам жажжи болажонларни қувонтирди.
Шундай тинч ва осойишта, обод ва фаровон юртда қувончларимизга қувончлар уланаверсин!