Toshkentda ob-havo:

sunny

7°C dan 10°C gacha

Valyuta kursi:

USD 375.05

RUB 103.67

EUR 12194.44

UZ RU

Моддий кўмаксиз таътил учун компенсация

23.10.2021. Меҳнат таътили ходимнинг ишлаб турган жойидан йилда бир маротаба дам олиши ва соғлиғини тиклаши учун олинадиган қонуний ҳақ-ҳуқуқ ҳисобланади. Муҳими, меҳнат таътилига чиқиш вақтини ходимнинг ўзи белгилайди. Бу давр мобайнида иш берувчи томонидан унга моддий ёрдам берилиши лозим эди.

Таассуфки, шундай иш берувчилар ҳам борки, ходимга моддий ёрдам пулини раво кўрмайди, йилда бир марта фойдаланиши керак бўлган меҳнат таътилини ҳам бергиси йўқ.
Поп туманида жойлашган Парда Турсун номидаги Республика фтизиатрия санаторийсида ишлаган Мурод Азимов иш ҳақларини ундиришга оид низоларни ҳал этишни сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Наманган вилояти кенгашига мурожаат қилган. Меҳнат ҳуқуқ инспектори мазкур ҳолатни ўрганганида, иш берувчи Меҳнат кодексининг 151-моддаси талабларини бажармагани маълум бўлди.
Яъни ходим М.Азимов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган, бироқ унинг ишлаган йилларида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун иш берувчи томонидан компенсация пули тўлаб берилмаган.
– Мазкур қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш мақсадида иш берувчига ёзма кўрсатма берилди, – дейди Наманган вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Баҳром Раҳимбердиев. – Ёзма кўрсатма талаби иш берувчи томонидан бажарилиб, Мурод Азимовга икки йиллик меҳнат таътили учун компенсация пуллари ундириб берилди.
Бугина эмас, Тўрақўрғон туманидаги мактабгача таълим муассасаларининг бирида тарбиячи бўлиб ишловчи Ҳамида Мусаеванинг ҳам касаба уюшмаларига қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. Унинг мурожаати ўрганилганда, иш берувчи ходимни оддий баҳона билан, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз ишдан бўшатиб юборган.
Касаба уюшмалари саъй-ҳаракати билан Ҳамида Мусаеванинг манфаати Чуст туманлараро судида ҳимоя қилинди ва у ишга қайта тикланди. Бўш юрган кунлари учун компенсация пуллари ундириб берилди.