Погода в Ташкенте:

sunny

от 8°C до 10°C

курс валют:

USD 372.66

RUB 102.9

EUR 12097.24

RU UZ

Тафаккур мустабидлиги – жисмоний қулликдан аянчлироқдир

Президент Мирзиёев томонидан ташланган дадил қадам, узил-кесил қабул қилинган адолатли қарор бизга ҳам миллат қуриш, ҳам миллий давлат барпо этиш йўлида ҳаракат бош­ланганини англатади. Нимага десангиз, истиқлолга эришганимиздан кейин ҳам биз узоқ йиллар иккиланиб келганимиз – кимлик (идентитет) масаласини аниқлаштириб олишда халақит қилаётган мустабид (колониал)лик зулмининг тафаккурдаги асоратларидан халос бўлишга, уни қўрқмай инкор қилишга ўзимизда куч топа олдик. Бу – моҳиятан жуда катта ғалаба. Қиёсан ҳисоблаганда, иқтисодий-сиёсий мустақилликдан асло кам эмас. Зотан, манқуртлик – қалб ва тафаккур қуллиги жисмоний қулликдан аянчлироқдир…

– Қудратилла Мирсоатович, янги тарихимизга кескин ўзгаришлар, янгиланишлар даври сифатида кирадиган беш йил ортда қолди. Халқона айтганда, ғалвир сувдан кўтарилди. Сиз бир тажрибали инсон, малакали сиёсатшунос, қолаверса, ушбу жараённинг ичида «қайнаган» одам сифатида ўтган даврга қандай хулоса берасиз ёки биз кечаги кунлардан нималар ютдик, нималарни ўзгартира олдик?

– Агар сиз эришилган, ҳаётимизда моддий жиҳатдан аксланиб турган муваффаққиятлар ҳақида сўраётган бўлсангиз, бу тўғрида менинг гапиришим ортиқча, деб ўйлайман. Негаки, буни ҳаммамиз, кенг жамоатчилик кўриб, билиб турибди. Қолаверса, эндиликда қилинган ишни байроқ қилиб чопадиган даврлар ҳам ўтгандай… Одамлар ҳам бунга кўникди.
Оддий бир мисол келтираман, неча ўн йилларки, сиз билан биз суҳбатлашиб ўтирган айни дамлар бутун мамлакатда ялпи сафарбарлик – пахтага қуллигимиз рамзидек ифодаланишига кўникиб кетгандик. Пойтахтдаги казо-казолардан тортиб, мактаб ўқувчилари-ю, қочирим билан айтганда, чойхонадаги чолларгача далага ҳайдардик, чиқмаган одам олаётган «имтиёзи» учун ҳақ тўларди. Қизиқ, ўша даврда маърака, тўй қилишга рухсат берилмасди: гўё бу «зарбдор фронт»даги унумга таъсир қиладигандай…
Энди, мана, сиз ҳозир менга айтинг, бу йил мамлакат пахта режаси қанча эди-ю қанчага бажарилди? Билмайсиз, сизда буни билишга эҳтиёж ҳам, онгингизга маънавий-мафкуравий «рецепт» сифатида мажбуран тиқиштирилаётган ахборот ҳам йўқ: пахта энди на сиё­сат ва на мафкура; шунчаки бир зироатчилик ўсимлиги, керак одам экиб, йиғиштириб фойдасини олаётир.
Факт шуки, вақтида жуда мураккаб, ­ҳаёт-мамот масаласи тарзида талқин этилган тамойиллар хамирдан қил суғургандай силлиқ ҳам битиши ва унинг оғриқли жароҳатлари тезда битиб кетиши, унутилиши ҳам мумкин экан.
Ҳа, бугун бу гаплар жуда жўн нарратив сифатида қабул қилинади. Бироқ бир нарса борки, у бизни биз англаган, эга бўлдик, деб ҳисоблаётганимиздан кўра кўпроқ «янгиланди». Яъни, ҳаётимизда юз берган ўзгаришлар «матн ости», дейлик жамиятнинг номоддий устуни ва ўзаги ҳисобланмиш руҳиятимиз ва дунёқарашимизни ўзгартириб юбораётгани ҳақида етарлича ва ҳатто бир-биридан қизиқарли мулоҳазалар билдириш мумкин. Энг аввало, бу – давлат сиёсатидаги риторика – «оҳанг» ўзгариши билан боғлиқ.
Буни образли қилиб, соддагина мана бундай изоҳлаш мумкин: давлат, айтайлик, бир мусаввир сифатида бажараётган ишига назарни ўзгартирди. Масалан, рассом қалам юритаётган чорчўпдаги холстда манзарадан кўра, инсон, тирик инсон образи кўзга бўртиброқ кўрина бошлади. Политрадаги ранглар хилма-хиллиги ортди. Мусаввир асосий эътиборни асардаги асосий персонаж – инсонга қаратди. Ва бу жараён умумманзарани ҳам турмушдаги кайфиятни ҳам ўзгартириб юборди. Дунё қиёфаси мавҳумлашган, шахсий ғам-­ҳасратлар оммавий эҳтирослар тагида кўринмай қолган, бунинг устига, биқиқ бир «вакуум» (жамият)да бундай деконструкция­нинг амалда қўлланилиши нафақат дунёқарашларни янгилади, балки жамият тийнати – табиатини ҳам ўзгартирди. Энди одамлар, юқорида айтганимиздай, кечаги ситамли хотиралар устида мотам тутмай, йўл берилган тафаккур ва дунёқарашнинг янги эпкинларига эш бўлиб кетишди: ҳақ-ҳуқуқлар ҳақида ҳадиксирамай ва баландроқ гапирила бошланди. Оғир муаммолар, камчиликлар ва умуман, ҳаёт, тирикчилик, сиёсат очиқ умуммуҳокамалар марказига кўчди. Энг муҳими, бу мунозараларни эшитадиган давлат «пайдо» бўлди.
Кўпчилик «мустақил бўлганимизга ўттиз йил бўлаётир, бироқ биз баъзи қўшниларимиздан кўп жиҳатдан, айниқса, сиёсий тафаккур нуқтаи назаридан ҳам ортда қолиб кетдик, сабаб нимада?», деб ажабсинади.
Бунга аниқ ва лўнда жавоб бериш қийиндир, бироқ тахминлар биз хоҳлаганимиздан мўлроқ. Аввало, ундай одамлар назарда тутаётган тараққиёт динамикасини мустақиллик тонгидан бош­лаб «чўтга ташлаш» менимча нотўғри. Яъни, Ўзбекис­тоннинг чорак асрлик янги тарихидаги ташқи сиёсатида, иқтисодиётида, жамиятнинг, агар шундай аташ мумкин бўлса, руҳониятида ҳам изоляционизм сиё­сати ҳукмронлик қилди. 90-йиллар бошида сиёсий қатламда пайдо бўлган, кишида бироз умид уйғотувчи амбивалентлик – турланиш ва оғмачилик ҳам кўп ўтмай барҳам ­топгандай бўлди. Хуллас, босиб ўтган тарихимизда жиддий маънода, очиқлик, аксарият таҳлилчилар постсовет жамиятлари ривожланишининг асосий унсури белгиси сифатида кўрадиган «европапарастлик» кузатилмаган. Ҳа, самимият ўта мўрт ва муваққат эди. Ҳатто ҳозир тилга олганимиз илк постсовет йилларида ҳам. Чуқурроқ ўйласангиз тасаввурингизда жуда ғалати манзара ҳосил бўлади. Юқоридаги мулоҳазаларнинг давоми сифатида айтишим мумкинки, биз мустақиллик қўлга киритилгандан кейин ҳам давомли иккиланиш ва шубҳаланиш (скепсис)лардан қутула олмадик.
Бу, назаримда, мафкура билан боғлиқ эди. 1991 йилда коммунистик мафкура диктатидан воз кечилгандан кейин жамиятда ҳам, сиёсатда ҳам алланечук бўшлиқ пайдо бўлди. Шубҳага қурилган ушбу кемтик бизни тор доира ичида айланишга, кўнгилдаги қатъиятнинг турумсизлигига хизмат қилди. Лекин ажабланарлиси шундаки, шундоқ ҳолатда ҳам бизда Европадан улгу (парадигма) олиш, уларга ўхшашга интилиш майллари сезилиб турарди. Айниқса, совет замонасининг эскирган маданий-маънавий ҳаётида (жамиятда) униқиб кетган «декорацияларини» европача «панно»ларга алмаштириш қизғин кечган ҳамда ўз даврида том маънода, коммунистик тартиб-қоидалардан зериккан социумларга, жумладан, биз яшаётган жамиятга ҳам ўзгача руҳ берганди. Бироқ бу ўзига хос дилемма эдики, яъни биз ё мустамлакачилик хотиралари билан яшашимиз ёки Ғарб анъаналари ва қадриятларини қабул қилишимиз, дунёга очилишимиз керак эди. Қолаверса, бизда яна бир кучли истак бор эдики, у тақрибан Кремль таъсиридан нари бўлиш, ҳеч бўлмаганда, ўзини шундай кўрсатишга уринишни англатар эди.
Бу, ўзига хос усул – десоветизация – совет тутумларидан воз кечишга йўналгани билан ўта жозибали туюларди. Лекин ғарб жамиятларининг либерал ҳаёти фавқулодда биз учун хавфли деб ўйланди шекилли, бирваракайига ундан қўлни тортиш бош­ланди.
Тўғриси ҳам, ғарб қадриятлари, айниқса, демок­ратияси турли лаш-лушларга ўралашиб ўрнашиб олгач, палак ёйиб кетса, нима бўлади, деган жавоби мураккаб бўлган савол ҳам йўқ эмас эди. Эҳтимол, шу ҳадик боис, ғарб сари «юриш» ими-жимида тўхтади. Бу нафақат тизим ва жамиятдаги ислоҳотлар, ҳатто, ижтимоий таъсирлардан хийла холи бўлган соҳалар, масалан, оддийгина меъморчилик ва шаҳарсозлик соҳасида ҳам кўзга ташланди. Тошкентда ўтган аср 90-йиллар бошида қурилган Юнусободдаги «Миллий банк» ва «Интерконтиненталь» меҳмонхонасини ўз ичига олган ансамбль ва унинг биқинидаги «Дисней Ленд» болалар кўнгилочар ўйингоҳидан бўлак ўтган 25 йилда ғарб анъаналари ва архитектурасини ўзида жамлаган, «озодлик илҳоми» (модернизм) қудратини ўзида акс эттирадиган бирор иншоот барпо бўлмади…
Назаримда бу иш, яъни ғарбнинг очиқ таъсиридан юз буриш, қайсидир маънода ўтмишдаги «хато»лардан чиқарилган хулоса меваси бўлган бўлиши ҳам мумкин. Гап шундаки, кўпчилигимиз диктатурага асос­ланган ёпиқ жамиятларни деструктив – бузғунчи ғоялар «емиради» деб ўйлаймиз. Бу, қайсидир маънода тўғри. Лекин одамларнинг қалби ва онгини номоддийдан кўра моддий неъматлар ҳам етарлича «бузиши» ва ўзига оғдира олишига тарихдан мисоллар кўп. Масалан, советлар империясини қулатган омиллар фақат советшунослик фани бизга тинимсиз уқтириб келган «империалистлар фитнаси» – инсон ҳақлари, демократия, сўз ва матбуот эркинлиги тўғрисидаги ваъзхонликлар эмас, балки ўша ўтган аср 80-йилларида совет чакана бозорлари ҳамда кенг томир отган чайқовчилик тармоқларига Ғарб маданияти унсурлари сифатида беозоргина кириб келган, «Сосa» ва «Pepsi» колалар, «Montana» ва «Texas» жинси шимлари, «Marlboro» сигареталари эди, назаримда…
Булар коммунистик тарғибот машинаси ­мустаҳкам ишлаётган бир пайтда бизга кириб келган ва дунёда шундай ранг-баранглик ва жозиба бор эканини қулоқларимизга шивирлаган эди… Ҳатто МКда узоқ ва «самарали» етакчилик қилган Бош котиб Леонид Ильичнинг ўзи ҳам ковбойлар ҳаётига ҳавас­манд бўлгани ҳақида латифанамо фактлар бор; эмишки, бош котиб Лениннинг қалин сайланмаларидан бирининг ичини ўйиб, унга «Marlboro» пачкасини жойлаб, ёнида олиб юрган…
Хуллас, ғарб (Америка) шундай қудратли империяни фақат жимжимадор тарғибот билан қулатмади. Ўз-ўзига маҳлиё бўлиб қотиб қолган тоталитар тузумни ғарбнинг эркинлашган саноати, ундаги сифат ва ранг-баранглик, фикрлар ва танлов эркинлиги ич-ичидан емириб борди. Ва охир-оқибат, диктатурага қурилган монолит тузум худди Нью-Йоркдаги қўш бино сингари вертикал тарзда ағанаб тушди…
Мустақилликнинг илк йилларидаги жамиятни ғарблаштириш таъсиридан тезда ўзимизни ихоталашимизга эҳтимол шу факторлар сабаб бўлдимикан, деб ўйлаб қоламан. Энди бевосита саволингизга келадиган бўлсак, бугун жамиятдаги хатолар аниқ кўзга кўринди. Наинки одамлар, давлатнинг ўзи ҳам бу нуқсонлар ҳақида гапира бошлади. Айтиш мумкин бўлса, шу жиҳат – камчиликларни тан олиш ҳамда уни тузатишга киришиш (давлат артикуляцияси) кейинги беш йилларда қўлга киритган энг катта ютуқларимиздан бири бўлди. Нимага десангиз, амалга ошириладиган барча ишлар бевосита одамлар билан боғлиқ. Шундай экан, жамиятнинг фикри, ватандошларнинг дунёқарашини ўзгартирмай давлатни ҳам, жамиятни ҳам янгилаб бўлмаслиги кундай равшан. Шавкат Миромонович ишни пастдан – аҳоли орасидан бошлагани, тафаккур ва сўз эркинлигига йўл берганининг сабаби шунда эди, назаримда.
Фикрим шундайки, дунёдаги жамики мўъжизалар халққа тегишли. Халққа йўл берилса, шароит яратилса, у мислсиз бунёдкорликларга, ижодкорликка қодир. Бир мутафаккир айтганидай, «Халқ – жамики бойлик­ларни яратувчи кучгина эмас, маънавий бойлик­ларнинг ягона ва битмас-туганмас манбаидир, у заминнинг жамики буюк достонларини, ҳамма фожиаларини ва улардан энг улуғи – жаҳон маданияти тарихини яратган, ижодининг гўзаллиги ва доҳиёналиги жиҳатидан биринчи бўлган файласуф ва шоирдир».
Халқ ҳақида бундан ортиқ таъриф айтиш мумкинми? Янги ҳукумат шу ҳикматни анг­лади, наинки англади, унга юз бурди. Буюк Чўлпон «…Қучоқ очиб халқ ичига борайлик», деганидек ўзининг иқболини элнинг бағридан истади.
Бугун сизу биз кўриб турган янгиланишлар айни шу тамойилдан илҳом ва куч олаётгани шубҳасиз. Масалага мазкур нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, давлатнинг жамият билан яқинлашуви, халқ билан ҳокимиятнинг жипслашуви ўтган беш йилдаги нафақат энг улкан ғалабамиз бўлди, балки «Янги Ўзбекистон» ғоясининг руҳоний таянчига ҳам айланди.

– Тушунарли, Қудратилла ака! Сиз ҳозир мафкура ҳақида гапирдингиз. Бугун давлат сиёсати ва жамият қатламларида тарих ва қадриятларга ўзгача қараш шаклланаётгандай. Буни ўзликни излаш, аввало, ҳам давлатнинг, ҳам жамиятнинг ўз-­ўзини таниб олишга бўлган ҳаракати деб айтиш мумкинми? Барибир қайсидир маънода мудом ўзимизга тавсиф, қандайдир ўзлик излаётгандаймиз…
– Менинг тасаввуримча, кимлик (идентитет)нинг асосини тил, маданият, тарих, тарихий хотира ташкил қилади. Дин ҳам бу борада муҳим ўрин тутишини назардан қочирмасак тўғри бўлади, менимча. Умумий маънода қараганда, мафкуравий вакуум бўлиши жамият учун ҳам, давлат учун ҳам хатарлидир. Эсингизда бўлса, мустақилликнинг илк йиллари бизда индивидуализм аломатлари пайдо бўла бошлаган эди. Яъни, давлат билан жамият, одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатда узилиш кузатилгандай бўлди. Яшаш ва кун кўриш ташвиши кўпроқ индивиднинг зиммасига туша бошлади. Кундалик турмушдаги маиший догмалар ўз тусини йўқотиб, давлат асосий «боқувчи»лик мақомидан узоқлашди. Очиғи, ўша маҳал бунга унинг ҳоли ҳам қолмаганди.
Шундай бир пайтда одамга эриш туюладиган советча «тенглик концепти» барҳам топиб, тирикчилик энди ҳар кимнинг қобилиятига боғлиқ бўлиб қолди. Анъаналарга эътибор кучайди. Тил, ўзлик, тарих, миллий қадриятлар (традиционализм) ҳақида кўп гапирила бошланди. Шуларнинг ўзи ҳам қайсидир маънода мафкура эди. Яъни социумнинг ўзи ўзи учун яратган мафкураси. Бироқ жамиятдан чиққан ушбу ташаббус – иқтисодий либерализм ҳам, индивидуализм ва традиционализм ҳам илиқ кутиб олинмади. Ҳали айтганимдай, ўша пайтдаги сиёсий элита бундан чўчиди. 90-йилларнинг ўрталарига келиб, Давлат барча соҳалар устидан назоратни ўз зиммасига олди: энди у бош ислоҳотчига айланди. Менинг назаримда, шу йиллардан бошлаб бизда ўзаги соцконсерватизмдан ташкил топ­ган, агар шундай аташ мумкин бўлса, ҳам шаклан, ҳам мазмунан неоколаниализм контекстига «ётувчи» тизим шакллана бошлади. У ўтмишдошидан бошқарув иерархиясини сиёсий мерос қилиб олди. Ва бу билан у айни англаш нуқтаи назаридан, консерватизм бизнинг мафкурамиз, дегандай ҳам бўлди.
Фақат энди мафкура сўзи сиёсий нутқлардан ҳам, расмий мунозаралардан ҳам гўёки чиқариб ташланди. Бу моҳиятан эскисидан кўп фарқ ҳам қилмасди. Масалан, ўша йиллари давлат «совет граждани» эканидан ғашланиб ёки шубҳаланиб аслини, ўзлигини қидираётган жамият йўлини очиқ тўсди. Миллий ўзлик туйғуси, тарих ва анъаналарга қараш миллий хавф сифатида қабул қилинди. Улар ўрнига эски тузумдан қолган гуманистик қад­риятлар – «халқлар дўстлиги», «байналмилаллик», «кўп миллатли халқ» деган тушунчаларга зўр берилди. Албатта, бу ўйланган ва чуқур мантиққа асос­ланган тадбир эди. Яъни қулаб тушган мафкура харобаларида ўзини излаётган жамиятни Ретрадиционализация – оила қадриятлари, ўз уруғи, этноси сингари тарихий сарчашмаларга қайтишдан, давлат «радикал миллатчилик» деб ҳисоблаётган хавфдан иҳоталаб туриши керак эди. Биз тилга олаётган шу қўрқув, афсуски, кейинчалик давлат сиёсатида нафақат муқим ўрнашиб қолди, балки «фазилат»га айланиб кетди. Жамиятга совет космополитизмидан-да чуқурроқ ва мужмалроқ бир ғоя сингдирила бошланди. Унга кўра, биз коммунистик мафкурага алоқадор эмасмиз, кимлигимизни кўрсатиб берувчи этногенез тушунчаси ҳам шарт эмас. Тўла консерватор ҳам, либерал ҳам эмасмиз. Бироқ мавжудмиз, мус­тақилмиз. Эгаменлигимизни кўрсатувчи туғромиз, байроғимиз ва яна нималаримиздир бор… Яхлит бир жамиятда шундай ғалати, бир-бирини тинимсиз инкор қилувчи симбиознинг бўлиши мумкинми? Одам фавқулодда пайдо бўлган бундай дихотомик назарияни ту­шуниши қийин эди: биз либерал жамият қурмоқчимизми ёки консерватив? Ёки бўлмаса, бир постсовет давлат сифатида энди совет ўтмиши хотиралари билан яшаймизми ё миллийлик сари юзланамизми, ҳозир қайси босқичдамиз, биз ўзи киммиз, минтақада, дунёда тутган мақомимиз қандай, атроф­дагилар бизни ким деб атагани биз учун муҳимми? Миллий давлат шакллантирамизми, миллат қуриш (совет халқидан фарқли ўлароқ) масаласи нима бўлади?..
Зикр этилаётган, асабни таранг қилувчи бу жавоби йўқ саволлар жамиятда ҳам, давлат сиё­сатида ҳам ўша сиз айтган тушуниксиз манзара ҳукмрон эканини англатарди. Ушбу кўринишлар – иқтисодиётдаги, ички ва ташқи сиёсат, маънавий-мафкуравий ҳаёт ва одамлар турмушидаги мавҳумиятни салбий маънодаги давлат протекционизми «озиқлантириб» турарди.
Ўз қобиғига ўралиб қолиш, мамлакатни барча «таъсирлар»дан ёпиш ёки шундай деб ўйлаш, бугунги глобаллашган дунёда абсурд ҳодиса, аслида. Бироқ санаб ўтилган омиллар қуруқ назария ёки элитар «қарич» бўлмай, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини, унинг табиати (характери)ни узоқ вақт белгилаб келгани ҳам факт. Сиз айтаётган деколониал контексдаги кимлик, анъаналар силсиласи, ўтмиш, этник мансублик ёки миллат, миллий давлат тушунчаси ва ҳатто тарихий шахсларга нисбатан қарашларимизни ҳам унинг ўзи белгилаб берди. Ва қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан шу қарашлари билан у ўзи инкор этаётган социал мафкуранинг йўнилган муқобилига айланди. Қизиқ парадокс: расман бизда мафкура йўқ, бироқ умуммуҳитнинг ҳар бурчида у қолдирган изларни кўриш мумкин эди… Шу ва ҳозир ҳисобга олиш назардан кўтарилган бошқа жиҳатлар, айтиш мумкин бўлса, одамларимиз тафаккуридаги фик­рий турғунликнинг асл сабаблари сифатида бир-бирига ўрин бўшатмай келди.
Бизда ҳозир миллат, миллий давлат, миллият ҳақида гапираётганларнинг кўпчилиги енгил романтикага берилган ижодкорлар. Энг қалтис томони, гапираётган мавзуларимиз бизда ҳали тузук-қуруқ илмий жиҳатдан тадқиқ ҳам қилинмаган (ҳолбуки, дунё глобаллашиб, маданиятлар қоришиб кетаётган, ахборотлашган учинчи минг йиллик бошланганига қарийб чорак аср бўлаётир).
Масалан, глобаллашув меъёрлари билан қараганда, бугунги замонавий дунёда биз миллат деганда нимани тушунишимиз керак, миллий давлат бир этносга тегишли бўлиши керакми ёки турли этнослар йиғиндиси бўлган ватандош­ларнинг қандайдир уюшмасими? Мафкура, давлат расмий мафкураси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бизда бу борада аниқ қарашнинг ўзи йўқ. Бунинг сабаби эса ­мустақилликда кечган чорак асрлик давр­да ҳам сиёсий маданиятнинг шаклланмаганига, тўғрироғи, унга йўл берилмаганига бориб тақалади. Ҳеч эсимдан чиқмайди. 90-йилларда шаҳар ижроқўмида ишлардим. Бир кун пойтахтга чет элдан делегация келадиган бўлди. Ўзбекчилик, қолаверса, протокол деган нарсалар бор. Меҳмонларни кутиб олиш режаси ишлаб чиқилди. Ўша режанинг овқатланиш бандида «нонушта швед столи тартибида», деган жойи бор экан. Ташкилотчилар елган-­югурган ҳолда ҳаммасини бадастир қилишган. Фақат битта «но»дан ташқари.
Меҳмонлар келишига бир кун қолганда масъуллардан бири елкасини қисиб олдимга кирди: ­«Қудратилла ака, айтилган, протоколга кирган барча ишлар бўлди, фақат биттасини эплаёлмадик… Швед столи ҳеч қаерда йўқ, шаҳардаги, вилоятлардаги барча мебель дўконларини суруштирдик, чехларники, голландларники, итальянларники бор, бироқ шведларники йўқ…».
Бу ҳангома мамлакатимизнинг олис қиш­лоғида эмас, пойтахтда, ўзини маданиятли, зиёли санайдиган одамлар орасида бўлаётганди. Бу деярли ўттиз йил олдинги гап. Ундан сўнг ўзгардикми?..
Биз нафақат сиёсий маданият, оддий ижтимоий ёки айтаётганимиз гострономик маданиятдан ҳам жуда ортда қолиб кетган эдик. Ўйлайманки, ўша замонлардан сўнг ҳам бу борадаги «тарбия»миз ундан кўп пеш бўлган эмас.

– Назаримда, жуда чуқурлашиб кетдик. Мен, аслида сиздан бугунги янгиланишлар, давлат структураси ва табиатидаги, фалсафасидаги ўзгаришлар ҳақида сўрашим, яъни саволларни аниқ мавзуларга қаратишим керак эди. Масалан, Шавкат Мирзиёев даврига келиб, тарихга қарашимиз, миллий кимлигимизга эътибор, интеллектуал тамойилларга муносабатимиз ҳам ўзгараётгандай. Дейлик, «Учинчи Ренессанс» ғояси, пойтахтда халқимиз ўтмишини ўзида акс­лантиришни мақсад қилган «Янги Ўзбекистон боғи»нинг барпо этилиши, тарих ва тарихий шахсларга бўлган чекловларнинг олиниши (совет ҳукумати томонидан қораланган ва йўқ қилинган 115 нафар боболаримизнинг реабилитация қилиниши каби) менга қандайдир мафкура, расмий мафкура яратиш устида иш олиб борилаётгандек туюлаётир. Мен адашаётган бўлишим ҳам мумкинми?

– Кимдир «Ҳар қандай тарихни инкор қилиш мумкин, бироқ барибир ўша инкор қилинган жойда ўзимиз яшашимизга тўғри келади», деб ёзганди. Юқоридаги мулоҳазаларга инкор ёки тўлиқ танқидий нуқтаи назар билан қарамаслигингизни илтимос қилардим. Буни фан тилида таҳлил (аналитика) дейишадими, шундай! Таҳлил эса ҳар доим ҳам биз кутгандай ёқимли бўлиб чиқавермайди. Мафкура, расмий мафкура ҳақида гапиришнинг эса мураккаб томонлари бор. Яъниким, расмий тарздаги «айни тутумни биз мафкура, деб эълон қиламиз», деган гапни мен ҳали эшитмадим. Боз устига боя айтганимдай, Бош қомусимизда ҳам мафкурасиз «яшашимиз» белгилаб қўйилган?! Шундай бир вазиятда бу ҳақда жиддий мунозара қилиш мумкинми?

– Лекин кўз ўнгимизда ўша жараён – ижтимоий-сиёсий мафкуралашув содир бўлаётир-ку, бунга давлат нафақат йўл беряпти, балки ўзи байроқдорлик қилаётгани ҳақиқат-ку… – Сиз ҳақсиз. Аслида ўша «Янги Ўзбекис­тон боғи» ғояси ҳам, тарихни «оқ-қора» қилмай борича ўрганиш ҳам, тарихий шахслар – шаҳид кетган, бизга мудом қора бўёқларда кўрсатиб келинаётган боболаримизни оқлаш ташаббуси ҳам шахсан Президентимиздан чиққанди. Бу бир жиҳатдан ўта муҳим эди: адолатни қарор топтириш, ­Шавкат ­Миромоновичнинг нафақат ишлаш принципи, балки борлиғи, шу эл-юртга муҳаббати билан боғлиқ фактор эди. Сиз ҳозир айтаётган, мафкура қидириш ёки «ясаш» тамойилидан бу хийла чуқурроқ эди, менимча. Дейлик, ўтмиши, кимлиги, боболари тарихи олақуроқ бўлиб ётган миллатга ўзлигини кафтда тутгандай кўрсатишга бел боғлаш моҳиятан ўта адолатли ҳамда шарафли қарор эди. Тарихимиз ҳақида гапирганда бир жиҳатни ҳисобга олиш керакки, бизнинг тарихимиз ­бошқа ҳар қандай халқ, миллат ҳавас қиладиган ўтмишдир. Шонли мозийимиз, жўмард қаҳрамонларимиз бор. Нега энди бундан фахрланмаслик, дунёга кўз-кўз қилмаслик керак?! Ўрни келганда айтай, баъзилар «бизда ­Мустақиллик майдони бор эди, яна битта шундай мажмуа бўладими?», деган чалкаш тасаввурда юрган бўлишлари ҳам мумкин. Бу хато фикр. Айниқса, ғоявий нуқтаи назардан. Тарихдан маълумки, Мустақиллик майдони собиқ Ленин майдони ўрнида пайдо бўлганди. Ҳатто унинг бадиий ландшафтида – ифода услубида ҳам кескин миллийлаштирилган ва марказлашган тугал мафкура йўқ эди. Қолаверса, у мундарижа нуқтаи назаридан ниҳоятда чегараланганди. Аввалига ўша эски супа марказига Ўзбекистон сўзи ёзилган ер шарининг нусхаси ўрнатилди. Бу моҳиятан дунёда шундай бир янги давлат пайдо бўлганини англатарди. Қолаверса, камтарона ва сезиларли ҳадик аралаш бизнинг озодлигимизни англатишга йўналтирилган, умумий маънода айтганда, бизнинг мустабидлик зулмидан озод бўлганимиз шарафига бунёд этилгандек эди, назаримда. Лекин минглаб йиллик тарихга эга буюк миллатимиз фақат қарамликда яшаган эмас, балки унинг юқорида айтганимиздек, дунё халқлари ҳавас қиладиган шонли ўтмиши, ўлмас қаҳрамонлари, улар кўрсатган мислсиз жасоратлар, буюк ва бетимсол маданияти бор. Менинг тушунишимча, «Янги Ўзбекистон боғи» ғоясининг пайдо бўлишига айни шу омиллар туртки берди. Унинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Президентимиз «Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида қанча-қанча унутилмас воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Лекин бир ҳақиқатни таъкидлаш керакки, Ватанимиз ҳудудида мавжуд бўлган ҳар бир давлатчилик тузуми, ҳар қандай ижтимоий жараён – у ғалаба ёки мағлубият бўладими, юксалиш ёки таназзул бўладими – барча-барчаси халқимиз босиб ўтган мураккаб тарихий йўлнинг узвий ва ажралмас қисмидир. Шунинг учун ҳам биз тарихимизнинг барча босқичларини яхлит ҳолда қабул қилиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишимиз зарур», деганларида айни шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар, десак адашмаймиз.

– Таъбир жоиз бўлса, ушбу маж­муа – унинг бадиий-мафкуравий ечими, унга юклатилган ғоя ва мазмун-моҳият ҳам хийла чуқурроқдай. Яъни унинг глобал «мундарижаси» биз бугун Ватан деяётган жўғрофий-сиёсий ва фалсафий кенглик­лардан чўнг­роқ қамровни ўз ичига олаётгандай. Масалан, минтақанинг бугунги кўриниши ва умумтарихини ҳисобга олганда…

– Назаримда сиз эътиборни минтақанинг ўтмиши ва бугунига қаратаётгандайсиз…

– Менга нимагадир умумтарихга эга беш мустақил мамлакатнинг турли таъсирлар оқибатида бу ҳақиқатдан «сакраб» ўтаётгани минтақанинг бугунги умумкуни йўқлигининг асосий сабабларидан биридай туюлаверади. Аслида биз бир томирга эга чинор эканимизни теран англасак, барча масалаларда якдиллигимиз мус­таҳкамланмайдими?

– Ҳа, минтақадаги беш мамлакатни тарих, маданият, дин, анъаналар ва ижтимоий-сиёсий ривожланишдаги баъзи умумий жиҳатлар боғлаб туради. Бироқ экспертлар фикрича, бугунга келиб, сиз тўғри эътироф этаётганингиздай, Марказий Осиёнинг турли мамлакатларида тарихнинг турлича, баъзан бир-бирига зид талқинлари мавжуд. Чамамда буни, энг аввало, узоқ йиллар қўшнилар ўртасидаги совуқчилик, гина-кудурат ва тушунмовчиликлар билан ҳам боғлиқ, дейиш мумкин. Самимий мулоқотнинг йўқлиги, ўзаро ишончсизлик жамиятларни ҳам, сиёсий элитани ҳам тезкор ва мустақил қарорлар қабул қилишга мажбур этган бўлиши мумкин. Яъни, ҳамма ўз кунига, дегандай. Қолаверса, умумий ҳамкорлик, якдил қараш шаклланмаган шароитда ҳам нимадир қилиш, яшаш керак-ку, ахир. Эҳтимол шу боис минтақа давлатлари сиёсий ва илмий жамоатчилигида экспертлар хавотир олаётган тарихни, тарихий меросни «монопол» қилиш, миллий ғояларга буркаш, қўпол қилиб айтганда, тўқиб-бичиш ҳолатлари кузатилди. Аммо бугун Марказий Осиёдаги муҳит батамом ўзгарди. Эсингизда бўлса, 2017 йилда азим Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» деб аталган халқаро Форум бўлиб ўтди. Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, Россия, Хитой, АҚШ, Европа мамлакатлари, Япония, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонис­тондан ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этган ушбу анжуманнинг номланишининг ўзи энди минтақада янги «кун тартиби» амалга киритилаётганини англатгандай эди. Унда нутқ сўзлаган мазкур йиғилиш ташаббус­кори, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, жумладан, шундай деган эди: «…Бизнинг минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Бизни тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради…».

– Умуман олганда, ушбу майдон ғоя­вий жиҳатдан яна ўша, сиз ҳозир тилга олган «ижтимоий монополчилик»ни такрорламайдими, яъни биз бутун минтақанинг тарихий меросига даъво қилгандай бўлиб қолмаймизми?

– Йўқ, бу – жуда тор қараш. Менинг ­англашимча, бу мажмуа атрофидаги ғоя сиз айтаётгандан, қолаверса, илмий жамоатчилигимиз, ОАВ чала-чулпа шарҳлаганидан ҳам хийла чуқурроқ. Президент бу ғоя билан нимани назарда тутди, нималарни мўлжал қилди, бизда ҳали чуқур тадқиқ этилмади. Бирпас юзаки ура-ура қилинди-ю сўнди. Тамом. Аслида, бу ғоянинг мақсад-муддаоси чуқур шарҳланиши, одамларимизга тушунтирилиши керак эди. Афсуски, ундай бўлмади. Буни қилиши керак бўлган ижтимоий инс­титутларимиз аҳоли ва фаолларни автобусга ўтқазиб, олиб бориб, боғни зиёрат қилдириш билан чекланишди. Майли, бу ишларга қозилик қилиш менинг ваколатимда эмас. Бироқ одамни асабийлаштирадиган жиҳат шундаки, Президент бошлаган ишлар, ўртага олиб чиққан ғоялар жамиятга етказилиши керак. Негадир бизда ундай эмас. Аслида, дунё тажрибасидан маълумки, Президентнинг фаолиятини, сиёсатини жамиятга сингдирувчи турли институтлар фаолият юритади. У ерларда жуда катта интеллектлар, малакали мутахассислар ва стратеглар ишлашади. Улар Президент ўртага ташлаётган ғояларда нима назарда тутилгани, матбуот анжуманларидаги чиқишлари ва мақолаларида, интервью ва катта анжуманлардаги маърузаларини шарҳлаб боришади. Бунинг яхши томони, жамият Президентнинг қарашларини, давлат сиёсатининг йўналишларини тушуниб олади. Бизда эса бу борада бўшлиқ кўзга аниқ кўриниб қолаётир. Агар ҳозир назарда тутаётганимиз ижтимоий институтлар, айниқса, матбуот бугун кечаётган ислоҳотларни малакали шарҳлаб бера олганида эди, мен ўйлайманки, муваффақиятларимиз бундан-да салмоқлироқ бўлар эди. Президент Шавкат Мирзиёев ўша кунлари берган интервьюларида ҳам, маърузаларида ҳам бир неча бор қатъий таъкидладики, бизнинг ўтмишимиз уч ярим минг йиллик тарихни ўз ичига олади. Бу тарих учун ҳам ниҳоятда катта давр. Айтилаётган вақт мезонларида бу тупроқда не-не буюк салтанатлар, давлатлар, маданияту тамаддунлар бунёд бўлмаган. Мазкур майдон ўша мозийни ўзида акс эттириши мақсад қилинган. Масалага сиз шаъма қилаётган тушунча – минтақанинг бугунги кўриниши нуқтаи назаридан қарасак, албатта, у турли стереотипларни қўзғаши мумкин. Аммо бу ўринда, Марказий Осиё деб аталаётган жўғрофий ҳудуд бугунги кўринишга бундан нари борса юз йил олдин эга бўлганини ҳам назардан соқит қилмаслик керак. Ва яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги Ўзбекистон, жумладан, ўзбек халқи Марказий Осиё тамаддунининг, маданиятининг, тарихининг марказида яшаб келган ва бу тамаддунни, бу тарихни азалдан шу ерда яшаб келаётган халқлар биргаликда яратган, инчунин, ушбу майдон нафақат биз – ўзбекларнинг, балки барча қардош ва ёндош халқларнинг ҳам тарихини эслатиб, ғурурлантириб турадиган Бош, Марказий майдони бўлишига шубҳа йўқ ва масалага шундай ёндашсак, шундай изоҳ берсак тўғри бўлади. Шунинг учун ҳам «Янги Ўзбекистон боғи» бу фақат тор доирада тушуниладиган бир миллат учун эмас, балки шу ҳудудни азалий ватан деб билган барча халқларнинг тарихини, яшаш тарзини, миллий руҳини жамлаган, бирлаштирган майдон деб тушунмоқ керак бўлади. Ўзбекистон азалдан шу ­ҳудудда яшаган барча халқларнинг, элатларнинг тарихини, маданиятини ўзида марказлаштирган, бирлаштирган, ўзида сингдирган экан, майдон ана шу тарихнинг кичик бир мужассами, тимсоли сифатида тарихимизга киради. Зотан, ўзбек тили ҳам, ўзбек этноси ҳам туркий халқлардаги энг катта бўғин бўлган қипчоқ, ўғуз, қарлуқ-чигил этноси, шунингдек, орий, сўғд, тожик, мўғул этноси хусусиятларини ўзида бирлаштиришини бугунги фан аллақачон исботлаб бўлган. Буни тилшунослик, тарих фани ҳам исботламоқда. Масалага шундай қаралса, шундай ёндашилса, юқорида сиз айтаётган мулоҳазага ўрин қолмайди. Чунки Президентимизнинг ижод маҳсули бўлган ушбу мажмуа­дан жой олган тарих моҳия­тан – Марказий Осиё халқлари бирлашган тарихидир, бу ерда акс этган озодлик, Ватан учун курашлар уларнинг озодлик йўлидаги биргаликдаги курашларидир… Албатта, ушбу мулоҳазалар мутлақо шахсий, буни бир ватандошнинг ушбу масаладаги ички туйғулари сифатида ҳам қабул қилишингиз мумкин. Энди юқорироқдаги асосий саволингиз – мафкура, расмий мафкура яратишга уринишлар, дедингиз, адашмасам?..

– Ҳа, мен «Учинчи Ренессанс» ғояси, кейин кечаги тарихни, тарихий шахс­ларни оқлаш масаласи қандайдир маънода ўзликни англаш, таниб олиш йўлидаги жиддий ҳаракатлар эмасми, пировардида, бу мафкура яратишга уриниш эмасмикин, деб сўрамоқчи эдим…

– Мен мафкура тўғрисидаги қа­рашимни юқорида айтдим. «Учинчи Ренессанс» ғоясига келсак, бу давлатнинг, жамиятнинг янгилануви билан боғлиқ. Давлат ўзининг кўп жабҳалар, илм-фан, технологиялар соҳасида дунёдан ортда қолиб кетганини тан олди ва олдингидай уни беркитиб ўтирмади. Илм-фанни ривожланишнинг асосий драйверларидан бири, деб эълон қилди. Албатта, олдин ҳам таълим тизими ҳақида кўп яхши гаплар бўларди. Бироқ у назарий ёки элитар ваъз сифатида минбарларда қолиб кетарди. Бугун ўша истак амалиётга кўчди: мактабларимизда, олий таълим даргоҳларимизда дунёнинг энг ривожланган илм даргоҳларида ишлаб чиқилган дастурлар жорий қилинаётир, минглаб мутахассислар фарзандларимизга сабоқ бераётир, хорижнинг ўнлаб нуфузли институт ва университетларининг филиаллари очилаётир ва булар атиги шу беш йилнинг ичида ўзининг «овози»ни бера бошлади. Назаримда, ушбу ғоя сиз назарда тутаётган ўша мафкура(?!)га яқинроқ, унинг бир тилими, дейиш мумкин. Яъни давлат модерн жамият унсурлари, хусусан, илм-фан ва таълимга кўпроқ урғу бериш, глобал дунё билан интеграциялашувда «ҳалқа»дан тушиб қолмасликни, мухтасарроқ айтганда, чин маънода Янги Ўзбекистонни яратишни расмий тарзда ифода этди. Бу мундарижага кўп гапираётганимиз, тарихга бўлган бугунги муносабатларимизни ҳам тиркашимиз мумкин. Зотан, айни бугунга келиб тарихимизнинг кўздан пана жойлари «очилаётир». Ўрни келганда шуни очиқ айтишим керакки, айни ушбу ҳаракат бизнинг яқин тарихимизда тафаккурдаги мустамлакачиликдан озод бўлиш йўлидаги энг катта қадам бўлди. Бунга биргина мисол сифатида яқинда совет ҳукумати томонидан қатағон қилинган 115 нафар аждодимизнинг реабилитация қилинганини келтириш мумкин. Ҳолбуки, совет зулмидан қутилганимизга, мустақил бўлганимизга чорак асрдан ошганди. Жуда ғалати ҳолат: биз мустақил бўлдик деймиз, байрам қиламиз, бироқ бизни узоқ йиллар мустабидликда ушлаб турган кучларга қарши ўз вақтида мардонавор курашиб, шаҳид кетган боболаримизни тан олмаймиз, ҳадиксираймиз, «босмачи», «босмачилик ҳаракати» деймиз, холис сиёсий баҳо беришдан қўрқамиз. Бу мантиқсизликми, йўқми? Қолаверса, қайси адолат мезонига тўғри келади бу? «Босмачилик» деб аталувчи мавзу Ўрта Осиёнинг янги тарихини ўрганиш ва идрок қилиш нуқтаи назаридан энг мураккаб мавзулардан биридир. Унинг муаммолиги ўта мафкуралаштирилгани ва мифлаштирилгани билан боғлиқдир. Шўролар даврида ушбу советларга қарши қўзғолончилик ҳаракати расмий ҳужжатларда ва илмий ишларда, китоб­ларда ва кинофильмларда фақат реакцион ва ҳатто босқинчилар тўдаси сифатида тавсифланди ва тасвирланди. СССР таназ­зулга юз тутгандан сўнг Россияда инқилобдан сўнгги фуқаролар уруши ва Оқ армияга вазмин муносабат шаклланганига қарамай, «босмачилик»ка нисбатан ушбу ёрлиқ сақланиб қолгани етмагандай, унга «руслар­га қарши», «Россияга қарши» ва «исломий» деган ёрлиқлар қўшилди. Ўрта Осиё давлатлари қисман ўзлаштириб олган советшунослик анъанасида ушбу ҳаракат кўпинча миллий озодлик ҳаракати деб тавсифланди, тавсифланмоқда, аммо шуни ҳам қайд этиш лозимки, замонавий сиёсатчилар ва тарихчилар ушбу мавзуга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда ва «босмачилик»ни фақат мақташдан қочмоқда», деб ёзади россиялик олим, тарих фанлари доктори, этнолог ва антрополог Сергей Абашин бир мақоласида. Дарҳақиқат, минтақада, бизнинг жамиятда ҳам яқин тарихимизнинг ўта «нозик» ушбу жиҳати ҳақида гапириш, айниқса, унга сиёсий баҳо бериш масаласи шунча йилдан буён ортга ташлаб келинаётганди. Президент Мирзиёев томонидан ташланган дадил қадам, узил-кесил қабул қилинган адолатли қарор эса бизга ҳам миллат қуриш, ҳам миллий давлат барпо этиш йўлида ҳаракат бошланганини англатади. Нимага десангиз, истиқлолга эришганимиздан кейин ҳам биз узоқ йиллар иккиланиб келганимиз – кимлик (идентитет) масаласини аниқлаштириб олишда халақит қилаётган мустабид (колониал)лик зулмининг тафаккурдаги асоратларидан халос бўлишга, уни қўрқмай инкор этишга ўзимизда куч топа олдик. Бу – моҳиятан жуда катта ғалаба. Қиёсан ҳисоб­лаганда, иқтисодий-сиёсий мустақилликдан асло кам эмас. Зотан, манқуртлик – қалб ва тафаккур қуллиги жисмоний қулликдан аянчлироқдир.

– Сиз ҳозир «Янги Ўзбекистон боғи» ҳақидаги мулоҳазаларингизда, мажмуа мазмунан минтақа тарихини ўзида акс эттиради, дедингиз. Бу қайсидир маънода минтақа халқларини маданий жиҳатдан жипслаштириши, ҳеч бўлмаса, «ягона тарих» тушунчасига яқинлаштириши мумкинми, шундай ўйласак, тўғри бўладими?

– Эсингизда бўлса, совет даврида биз яшаётган ҳудуд Ўрта Осиё ва Қозоғистон, деб аталарди. Бу – аслида, советча геосиёсий концепция эди. Яъни, этник келиб чиқиши, маданияти, тарихи, дини бир бўлган Қозоғистон минтақадан айро кўрсатилиши коммунистик мафкурага зид бўлган «умумий бирлик» (Туркистон бирлиги ғояси) ўртасига парда солиб туриши билан ниҳоятда аҳамиятли эди. Шунинг учун ҳам иттифоқ таназзулга юз тутган 1991 йилда аввал Ашхободда, кейин эса Тошкентда қўшни давлат раҳбарлари учрашиб, минтақани бундан кейин Марказий Осиё деб аташга келишиб олишганди. Зикр этилган ҳолат минтақа давлатлари сиёсий элитасида ҳам, жамият ичида ҳам бунга зарурат борлигини исботлайди. Ҳатто ўша йиллари иқтисодий ҳамжамият тусидаги тузилма ҳам пайдо бўлганди. Бироқ, орадан кўп фурсат ўтмай, муносабатлар совиди, тўнлар тескари «кийилди». Ундан кейинги жараёнларни гапирмасам ҳам ўзингиз яхши биласиз. Шавкат Миромонович мамлакат раҳбарлигига келгач эса «иқлим» илий бошлади: қўшнилар ўртасидаги муносабатлар барча жабҳаларда янги босқичга кўтарилди. Аслини олганда, минтақада умумий кимлик – ­идентитетни аниқлаш, ушбу мамлакатларда яшаётган одамлар ўзига қандай таъриф бераётгани ва кимлигини нималарга асосланиб айтаётгани жуда муҳим. Шу маънода айтганда, бугун нафақат иқтисодий-сиёсий, балки маданий-гуманитар соҳаларда кечаётган яқинлашув минг йиллардан буён қўшни яшаб келаётган халқларнинг бир-бирини тушуниши, баҳамжиҳат, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, «Янги Ўзбекистон боғи» каби кенг қамровли (глобал) ­лойиҳалар ўз самимияти ва ҳаққонийлиги билан минтақа халқлари эътиборини бир нуқтага жамлаши билан ниҳоятда аҳамиятли бўлиши мумкин. Бундай йирик ғоялар биз учун бугун ниҳоятда зарур. Зотан, бугунги замоннинг ўзи биздан бирликни, якдилликни тақозо этаётир. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, дунё сиёсатида «қутблилик» ва «совуқ уруш» барҳам топганига анча бўлди. Бироқ узоқ давом этган яширин нафрат ва адоват, эски хафагарчиликлар, домангирликлар моҳиятан ўчиб кетгани йўқ. Дунёмиз тўлғама бўлиб турибди. «Глобализм» деб аталган умумридо остидаги бугунги дунё манзаралари ҳамиша ҳам биз ўйлаган ва кутгандай эмас. Ҳаддан зиёд глобаллашув хавфли экани ҳақидаги, унинг илмий ва ҳаётий талқинларини ўзида жамлаган жиддий мақолаларга кунда-кунора кўзимиз тушмоқда. Бунинг таъсирини – кичик давлатлар ва миллатларни майиб қилар даражадаги юмшоқ экспансиясини геосиёсатда ҳам, геоиқтисодиётда ҳам ва энг ёмони, номоддий бойлик – санъат ва маданият, қадриятларга хуружида ҳам жамиятлар аниқ ҳис қила бошлади (оммавий маданият)… Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, бугун Президентимиз минтақада олиб бораётган сиёсат хоҳ у ижтимоий-сиёсий бўлсин, хоҳ иқтисодий, қўшнилар ўртасида дўстлик ва яқин қўшничиликни равнақ топтиришга қаратилгани билан юксак ­эътирофларга сазовор бўлаётир. Масалан, Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университети катта ўқитувчиси, доктор Филиппо Коста Буранелли (2021. Central Asian Analytical Network) бир мақоласида минтақадаги бугунги жараёнларга баҳо бериб, шундай дейди: «…Шу маънода, айрим мамлакатлар бошқаларига қараганда яхшироқ ишламоқда. Масалан, агар мендан қайси мамлакат минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал этишга кўпроқ ҳисса қўшяпти, деб сўрасангиз, Ўзбекистон деб жавоб берган бўлар эдим. Марказий Осиё­нинг барча мамлакатлари Ўзбекистонни яхши қўшни мамлакат деб билади. Туркманистон лойиҳалар ва тобора кенгайиб бораётган минтақавий мулоқотга жалб этилмоқда. Қозоғистон минтақадаги дўстона муносабатларни умуман қўллаб-қувватламоқда…». Албатта, дунё таниган олим бизга ёқиш ёки манфаат учун бу гапларни айтган эмас. Қолаверса, бунга зарурат ҳам йўқ. Бугун минтақамизда амалга оширилаётган ишлар, яқин қўшничилик ва биродарлик ришталарининг қайта мустаҳкамланаётганини ҳамма кўриб турибди. Мен шундай тушунаманки, халқларимизни умумий тарих, муштарак маданият, қадриятлар мудом кўринмас иплар билан бир-бирига боғлаб келади. Энди уни янада мустаҳкамлаш, унинг ривожига илҳом бериш барча давлатлар олдидаги муҳим вазифа бўлиши мумкин. Ўзбекистон юритаётган бугунги сиёсат эса бу борада муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Зотан, юқорида келтирганимиздек, нафақат мамлакатимиз, балки ўзбек халқи ҳам Марказий Осиё тамаддунининг, маданиятининг, тарихининг марказида яшаб келгани билан алоҳида аҳамиятга эга. – Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!